Maqolalarga qo'yiladigan talablar

“Гидрометеорология ва атроф-муҳит мониторинги”

илмий журналида чоп этиладиган мақолаларга қўйиладиган талаблар

  1. I. Умумий қоидалар

“Гидрометеорология ва атроф-муҳит мониторинги” илмий журналида республикамиз ва дунё миқёсида гидрометеорология соҳасига оид фанлар доирасида ўтказилган тадқиқотлар ва уларнинг амалий тадбиқини ёритишга  қаратилган ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги назарий, амалий ва услубий мақолалар чоп этилади. Қисқа маърузалар, кенг миқёсли илмий тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар ва китоб шарҳлари ҳам нашрга қабул қилинади. Нашр этиш учун тақдим этилган материаллар журналнинг расмий талабларига жавоб бериши, эксперт текширувидан ўтиши ва журнал таҳририяти кенгаши мажлисида нашр этиш учун тавсия олиши керак. Нашр қилиш тўғрисида қарор тақдим этилган материалларнинг илмий аҳамияти ва долзарблиги асосида қабул қилинади. Таҳририят томонидан рад этилган мақолалар қабул қилинмайди ва муаллифга қайтарилмайди.

Мақола матни сарлавҳа, муаллиф(лар) ҳақидаги маълумотлар ва асосий қисм, миннатдорчиликлар ва адабиётлардан иборат бўлиб, асосий қисм қуйидаги бўлимларни ўз ичига олиши зарур: аннотация ва калит сўзлар (ўзбек, рус ва инглиз тилларида), кириш, тадқиқот объекти ва предмети, бирламчи маълумотлар ва тадқиқот усуллари, асосий натижалар, муҳокама, хулосалар.

Мақола матни билан бирга таҳририятга эксперт хулосаси (раҳбар имзоси ва ташкилот муҳри билан) тақдим этилади.

  1. II. Мақола матнини расмийлаштиришга оид кўрсатмалар

Сарлавҳа: Мақоланинг биринчи саҳифасида УДК универсал ўнли таснифининг индекси кўрсатилиши керак (мақола сарлавҳаси тепасига чап тарафдан жойлаштирилади). Ахборот-қидирув тизимларида кўпинча аниқ ва лўнда сарлавҳалар қўлланилади. Шунинг учун имконият даражасида сарлавҳада қисқартмалар ва формулалардан фойдаланиш тавсия этилмайди.
                        Муаллиф(лар)нинг исми-шарифи ва улар фаолият юритаётган ташкилотлар: Мақолани тайёрлашда иштирок этган барча муаллифлар тўғрисида тўлиқ маълумот келтирилади. Муаллиф(лар)нинг исми, шарифи ва фамилияси бош ҳарфлар билан ёзилади. Муаллиф(лар)нинг Ф.И.Ш. келтирилган қаторда ҳар бир муаллифнинг иш жойига рақамли ҳавола қўйилади. Кейинги қаторларда рақамли ҳаволага мос равишда ҳар бир муаллиф фаолият юритаётган ташкилот ёки муассаса номи, уларнинг тўлиқ почта манзили кўрсатилади. Юлдузча ёрдамида нашр жараёни ва ундан кейинги даврда ёзишмалар бўйича жавобгарликни ўз зиммасига олган муаллифга саҳифа ости ҳаволаси белгиланади ва унинг электрон почта манзили кўрсатилади.

Аннотация: Тадқиқотнинг мақсади ва қўлланилган усул (усуллар), асосий натижалар ва хулосалар қисқача баён қилиниши керак. Мақоланинг аннотацияси аксарият ҳолларда унинг асосий матнидан алоҳида тақдим этилиши сабабли ҳаволалар, ностандарт ёки кам қўлланиладиган қисқартмалардан фойдаланиш тавсия этилмайди. Аннотациянинг рус ва инглиз тилидаги нусхалари адабиётлар рўйхатидан кейин келтирилади.
                        Калит сўзлар: Бевосита мақола мавзусига оид 6 дан 10 тагача калит сўзлар берилади. Умумий, кўп маъноли атама ва тушинчаларни қўллаш тавсия этилмайди.
                        Кириш: Бажарилган илмий тадқиқотнинг моҳиятини очиб бериш учун етарли ҳажмдаги маълумотлар келтирилади. Тадқиқотнинг аҳамияти, мақсади ва қўлланилган усул(лар), зарур манбаларга, айниқса сўнгги йилларда нашр этилган ишларга ҳаволалар кўрсатилади ва уларга қисқача шарҳлар берилади.
                        Тадқиқот объекти ва предмети, бирламчи маълумотлар ва тадқиқот усуллари: Тадқиқот бағишланган ҳудуд ёки тажриба ўтказилган табиий шароитлар, фойдаланилган материаллар ва усуллар, шунингдек тадқиқотнинг асосий натижалари тўғрисида умумий тасаввур берувчи маълумотлар келтирилади. Ишни асослашга имкон берувчи етарли тафсилотлар тақдим этилади. Аввал нашр этилган усуллар ҳавола орқали кўрсатилиши керак.
                        Асосий натижалар: Кузатиш ва тажриба натижалари келтирилади ҳамда натижаларни қиёслашда уларнинг моҳияти изоҳланмайди. Натижалар аниқ ва лўнда бўлиши зарур.

Муҳокама: Тадқиқот(лар) доирасида олинган барча натижаларнинг аҳамияти аввалги бўлимдаги матнни такрорламаган ҳолда изоҳланади. Ҳар бир гипотеза/фараз тасдиғини топганлиги ёки ишонч билан хулоса бера олмаган ҳолда тасдиқланмаганлиги кўрсатилади. Келгуси тадқиқотлар йўналиши ёки бажарилган тадқиқотни мукаммаллаштириш бўйича таклифлар берилади.
                        Хулосалар: Мустақил ёки муҳокама бўлими доирасида тадқиқотнинг асосий хулосалари тақдим этилади.
                        Муаллифлар ҳиссаси: Таҳририят илмий мақолада халқаро CRediT қоидаларидан фойдаланган ҳолда муаллифларга шахсий ҳиссаларининг ёритилишини тавсия этади. Батафсил маълумот ва намуна билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин: https://www.elsevier.com/authors/journal-authors/policies-and-ethics/credit-author-statement

Миннатдорчиликлар: Ўринли бўлган ҳолларда бу бўлим тадқиқот бажарилган грант, тадқиқотни молиялаштирган ташкилотлар ва/ёки тадқиқотни бажариш ёки мақолани тайёрлашда ёрдам кўрсатган шахсларни эътироф этиш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.
                        Адабиётлар: Мақолани тайёрлашда фойдаланилган адабиётлар рўйхати келтирилади. Матнда келтирилган ҳар бир ҳаволага оид адабиёт рўйхатда мавжудлигига эътибор берилади.

  1. III. Мақола матнини расмийлаштиришнинг техник талаблари

Мақола матни А4 форматдаги стандарт қоғозда 1,5 қатор оралиғида ёзилиши лозим. Ҳар бир бет юқоридан ва пастдан 2 см, чапдан 3 см, ўнгдан 1,5 см ҳошияга эга, хатбоши 1,27 см га тенг ва бир хилда бўлиши лозим.

Матнни компьютер воситасида босиб чиқаришда «Тimеs Nеw Rоmаn» 14 ўлчамли шрифтда «Мiсrоsоft Wоrd» матн редакторидан фойдаланиш тавсия қилинади.

Мақоланинг умумий ҳажми (адабиётлар рўйхати, жадвал ва расмлар билан бирга) А4 форматдаги 16 саҳифадан кўп бўлмаслиги керак. Белгиланган ҳажмдан ортиқ бўлган мақолалар таҳририят хулосаси билан чоп этилиши мумкин. Матнда келтирилган ҳисоблаш ифодалари мақола бўйича узвий кетма-кетликда рақамланади. Матнда фақат ҳавола келтирилган ифодалар рақамланади. Рақамлар ифода ёзилган қаторнинг ўнг тарафида қавс ичида ёзилади (1, 2 ва ҳаказо).  

Адабиётлар рўйхатида дастлаб ўзбек (кирил алифбосидаги) ва рус тилидаги, сўнг инглиз тилидаги (ёки лотин алифбосидаги ўзбек адабиётлари) адабиётлар келтирилади. Адабиётлар рўйхати аввал алфавит, сўнгра хронологик тартибда қабул қилинган стандарт асосида расмийлаштирилади. Мақола матнида адабиётларга келтириладиган ҳаволаларда муаллиф ва чоп этилган йил квадрат қавс ичида кўрсатилади. Ҳаволалар гуруҳлари аввал хронологик, сўнгра алфавит тартибида кўрсатилиши керак [Иванов, 2007; Петров и др., 2008; География…, 2010]. Адабиётлар рўйхатидан кейин рус (ёки ўзбек) ва инглиз тилларидаги аннотация ва калит сўзлар жойлаштирилади. Сўнг, адабиётлар рўйхатида келтирилган ўзбек ва рус тилларидаги адабиётларнинг инглиз тилидаги таржимаси келтирилади. Таржимада фақат мақоланинг номи инглиз тилида келтирилиб, адабиётдаги бошқа маълумолар лотин алифбосида ёзилади.   

  1. IV. Жадвал, расм ва графикларни расмийлаштириш бўйича кўрсатмалар

Жадваллар А4 форматдаги стандарт қоғозда 1,5 қатор оралиғида ҳамда матнни компьютер воситасида босиб чиқаришда «Тimеs Nеw Rоmаn» 12 ўлчамли шрифтда «Мiсrоsоft Wоrd» матн редакторидан фойдаланиб тўлдирилиши лозим. Улар араб рақамларида қайд этиш тартибида рақамланади. Рақамдан кейин жадвал номи ёзилади. Жадваллардаги барча устунлар сарлавҳаларга эга бўлиши ва вертикал чизиқлар билан ажратилиши керак.

Расмларда ортиқча тафсилотлар ва ёзувлар келтирилмайди (ёзувларни рақамлар ёки ҳарфлар билан алмаштириш тавсия этилади, уларнинг изоҳлари расм сарлавҳаларида ёки матнда келтирилади).

Графиклардаги чизиқлар аниқ кўриниши керак (5-6 пиксел). Чизмаларнинг кенглиги 180 мм дан, баландлиги – 240 мм дан ошмаслиги керак. Графикларни расмийлаштиришда белгилашлар ва рақамлар «Times Nеw Roman» шрифти 9-10 ўлчамда бўлиши лозим. Расмлар сарлавҳалари 12 ўлчамли шрифтда, алоҳида қаторда 1,5 қатор оралиғида келтирилади.

Журнални яқин келажакда РИНЦ ва Scopus каби халқаро маълумотлар базасида индексацияланган нуфузли журналлар рўйхатига киритиш кўзда тутилган. Шу мақсадда мақолада келтириладан жадвал, схема, расм ва графикларнинг номлари ўзбек тилида ёзилган мақолалар учун рус ва инглиз тилларида (рус тилида ёзилган мақолалар учун инглиз тилида) ҳам ёзилиши лозим. 

  1. V. Адабиётлар рўйхатини расмийлаштириш бўйича намуна

АДАБИЁТЛАР

Агальцева Н.А., Пак А.В., Новикова В.А. Гидрологическая засуха в Узбекистане, анализ причин и возможности прогнозирования // Труды научно-исследовательского гидрометеорологического института, 2010. – Ташкент. Вып. 12(257). – С. 55-63.

Владимиров А.М. Сток рек в маловодный период года. – Л.: Гидрометеоиздат, 1976. – 295 с.

Календарь типов синоптических процессов Средней Азии. Вып. 4 / Под ред.        С.И. Иногамовой. – Ташкент: НИГМИ, 2013. – 82 с.

Расулов А.Р., Хикматов Ф.Х., Айтбоев Д.П. Гидрология асослари. –Тошкент: Университет, 2003. – 327 б.

Ҳикматов Ф.Ҳ., Турғунов Д.М. Тоғ дарёларида кам сувли йиллар, уларнинг меъёри ва кам сувлиликнинг чуқурлашуви масалалари // ЎзМУ хабарлари. Табиий фанлар. – Тошкент,   № 3/1. 2017. – Б. 330-335.

Dracup J.A., Lee K.S., Paulson E.G. On the statistical characteristics of drought events // Water Resour. Res. 1980. № 16 (2). – PP. 289-296.

Van Loon A.F., Van Lanen H.A.J. A process-based typology of hydrological drought // Hydrol. Earth Syst. Sci. 2012. № 16(7). – P. 1915-1946. http://dx.doi.org/10.5194/hess-16-1915-2012.

Электрон ресурс:

EDB (Eurasian Development Bank): Impact of Climate Change to water resources in Central Asia, Almaty, Kazakhstan, 44 p. [Электронный ресурс] URL:http://www.vinokurov.info/assets/files/EDB%20Report%206%20climate%20eng.pdf, 2009 (дата обращения 20.01.2019).

REFERENCES

Agaltseva N.A., Pak A.V., Novikova V.A. Gidrologicheskaya zasukha v Uzbekistane, analiz prichin i vozmozhnosti prognozirovaniya [Hydrological drought in Uzbekistan, analysis of the causes and the prospects of forecasting] // Trudy nauchno-issledovatel’skogo gidrometeorologicheskogo instituta, 2010. Tashkent: Vol. 12(257). – PP. 55-63. (In Russian)

Kalendar tipov sinopticheskikh protsessov Sredney Azii [Calendar of the types of synoptic processes of Middle Asia] Vol. 4 / Pod red. S.I. Inogamovoy. Tashkent: NIGMI, 2013.  – 82 p. (In Russian)

Khikmatov F.K., Turgunov D.M. Tog daryolarida kam suvli yillar, ularning me'yori va kam suvlilikning chuqurlashuvi masalalari [Low-water years on mountain rivers, problems of calculating their standard characteristics and extension parameters] // OzMU xabarlari. Tabiiy fanlar. Toshkent, No 3/1. 2017. – PP. 330-335. (In Uzbek)

Rasulov A.R., Khikmatov F.K., Aytboyev D.P. Gidrologiya asoslari [The basics of hydrology]. Toshkent: Universitet, 2003. – 327 p. (In Uzbek)

Vladimirov A.M. Stok rek v malovodnyy period goda [River runoff during the low-flow period of the year] L.: Gidrometeoizdat. 1976. – 295 p. (In Russian)

Web resources:

EDB (Eurasian Development Bank): Impact of Climate Change to water resources in Central Asia, Almaty, Kazakhstan, 44 p. [Elektronniy resurs] URL: http://www.vinokurov.info/assets/files/EDB%20Report%206%20climate%20eng.pdf, 2009 (access data 20.01.2019)

  1. Плагиатни текшириш

“Гидрометеорология ва атроф-муҳит мониторинги” илмий журналида нашрдан олдин тақдим этилган мақола қўлёзмаларининг оригиналлиги текширилади. Журналга қўлёзмани топшириш орқали муаллифлар ўзларининг қўлёзмаларини плагиат учун текширилишига розиликларини билдиради.

  1. Мақолаларни қабул қилиш тартиби
  1. Барча материаллар электрон почта орқали қабул қилинади.
  2. Муаллифлар билан мулоқот электрон почта орқали амалга оширилади.
  3. Журналда чоп этиш учун тақдим қилинган илмий мақолалар журнал таҳририяти томонидан йўналишлар кесимида масъул соҳа мутахассисларига тақриз учун берилади.
  4. Ижобий тақриз берилган илмий мақолалар илмий журналнинг янги сонида чоп этилади.
  5. Тақризда жиддий камчиликлар кўрсатилган илмий мақолалар уларнинг муаллифларига мутахассисларнинг изоҳлари асосида қайта кўриб чиқиш учун қайтарилади ва камчиликлар бартараф этилганидан сўнг чоп этиш учун қайта рўйхатга олинади.
  6. Журнал илмий йўналишларига мос келмайдиган илмий мақолалар чоп этилмайди ва муаллифга қайтарилмайди.